Тўйларимиз – бахт остонаси!

Тўйларимиз – бахт остонаси!

Фарзанд деб аталмиш навниҳолни жажжи чақалоқлигидан тарбиялаб, унга чиройли тарбия, зарурий таълим бериш баробарида,  вояга етгач, ўз тенгини топиб, ҳаёт аталмиш йўлга кузатиш ҳар бир ота-она олдидаги инсоний вазифадир. Никоҳни эълон қилиш ва бошқа бир неча хайрли мақсадларда тўй ва маросимлар қилиш шариатда тавсия қилинган амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида барча ҳолатларда, ўша вақтнинг имкониятидан келиб чиқиб, ўзлари никоҳ тўйи қилганлар. Бирорта онамизга: “Отангга айт, тўй қилиб берсин”, демаганлар. Зотан, ўзини эр билган одамга бу гапни айтиш ордир. Аввало, эркакка эркак бўлганлиги учун никоҳ тўйи қилиш юклатилган. Зотан, янги қурилган оила унинг номидаги оила бўлади. Мазкур оиланинг бошлиғи айнан эркак бўлади. Хотини қилиб берган тўй эркакка шараф эмас, ор-номус бўлади.

Иккинчидан, бир қиз ота-онадан туғилиб, уларнинг тарбиясини кўриб, энди вояга етганда уларни ва бошқа оила аъзоларини ташлаб, бошқа тарафга ёлғиз ўзи бориб, янги оилага аъзо бўлишга рози бўлишининг ўзи куёв ва унинг оиласи учун шарафдир. Бу билан, куёв ва унинг оиласининг жамиятдаги обрўси ошади. Бунга эса, айнан келин сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам, куёв тараф келиннинг шарафига тўй беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида, ўша вақтнинг шароитидан келиб чиқиб, ўзлари оддий ва содда тўйлар қилганликлари маълум ва машҳур.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва София бинту Ҳуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валиймага даъват қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сарёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди.Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардан Мадинага қайтаётиб, София онамизга уйланишлари муносабати билан кишиларга валийма берганлар. Бу зиёфат, ривоятда зикр қилинганидек, содда ва оддий бўлган. Нон ва гўшт умуман бўлмаган. Ўша давр камбағалларининг кундалик таомлари – хурмо, қурт ва сариёғ теридан қилинган дастурхон устига ташлаб қўйилган, валиймага келган кишилар ана шулардан тановул қилганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аёлларидан бирортасига Зайнабга валийма қилгандек валийма қилганларини кўрмаганман. Унга бир қўй ила валийма қилдилар.Учовлари ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга тўй қилиш тавсиялари ҳақидаги энг машҳур ривоят Абдурроҳман ибн Авфнинг ҳадиси номи ила машҳур. Унда қуйидагилар айтилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг)асарини кўриб:

Бу нима? дедилар.

Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим, деди у.

Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам валийма қилгин, дедилар.Бешовлари ривоят қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда куёвлик белгиси бўлган сариқ ранг аломатини кўриб, нима учун ясанганларини сўрадилар. У киши бир аёлга уйланганлари, маҳрга бир данак вазнида тилла берганларини хабар қилдилар. Бу миқдордаги тилла чорак динор, яъни беш дирҳам кумуш пулга тенг келар эди. Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу тўй қилмай, уйланганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: “Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қил”, – дедилар.

Жумҳур уламоларимиз: “Никоҳ тўйи қилиш мустаҳабдир”, деганлар. Шофеъий мазҳабидаги баъзи уламолар бу ишни “вожиб”, деганлар.

Никоҳ тўйининг шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:

1. Никоҳ тўйи одамлар орасида никоҳни эълон қилишдир.

Одатда совчилик ва қудачиликдан кўпчилик хабардор бўлмайди. Ақди никоҳ маросимида эса бир неча кишиларгина иштирок этадилар. Одамлар келин-куёвни бирга кўрганларида ҳар хил фикрга бормасликлари, булар нимага бирга юрибди экан? демасликлари учун никоҳ тўй орқали эълон қилинади.

2. Никоҳ тўйи қилишда келин-куёв ва уларнинг яқинлари қалбига қувонч бағишлаш бордир.

3. Никоҳ тўйи туфайли кишилар орасидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, уларнинг орасидаги биродарлик мустаҳкамланади, меҳр ва мурувват зиёда бўлади.

4. Никоҳ тўйи орқали мусулмонлар орасидаги ижтимоий тенглик йўлга қўйилади. Тўйга камбағалларни таклиф қилишга алоҳида эътибор берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилган валийма таомидир. Ким даъватни тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди, – дер эдилар.

Учовлари ривоят қилганлар.

Исломда валиймалардан, умуман, бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад, ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Валийма қилган одам муҳтож камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб: “менинг валиймамга бир қадамингиз етиб қолса, бахтиёр бўлар эдим, деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.

Шунинг учун ҳам ундай валийманинг таомини энг ёмон таом дейилмоқда. Демак, валийма қилувчи киши кимларни чақиришни ҳам билиши керак. Зиёфат дастурхонига камбағал, бева-бечораларни кўпроқ даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўрнига тушган бўлади.

5. Никоҳ тўйи қилиб, кўпчиликни чорлашдан кўзланган асосий мақсадлардан бири мусулмонлар жамоасининг янги оила ва келин-куёв ҳаққига дуоларидан умидворликдир.

Тўйларимиз халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан биридир.

Кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда.

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу – тўй ва азадир, деб айни ҳақиқатни ёзган эди.

Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда. Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро, Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни севмагай”, деб буюрилган. Бир кунлик тўй деб бутун умр йиққан-терган маблағини совуриш, бандасига ато этилган ноз-неъматни исроф қилиш катта гуноҳ. Сохта обрў орттиришга қаратилган бундай ишлар ўрнига бева-бечораларга, ночор инсонлар, муҳтож оилаларга ёрдам бериш улуғ фазилат ва беҳисоб баракадир. Хайрли ва савобли ишга қўл урган, етим-есирнинг бошини силаган одам бир умр савоб олиб, халқ ичида доим ҳурмат ва эъзозда бўлади, энг улуғ ажрни эса яратганни ўзи беради.

Тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини акс этадиган кўзгу экан, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказайлик.

Аллоҳ Таоло тўйларимизни маънавий бой тўйлардан бўлишини насиб айласин!

 

“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби                      Комилжон Шодмонов,

 

ЎХШАШ МАЪЛУМОТЛАР

Ақийда дарслари (2-дарс). Илми каломнинг юзага келиши ва ривожланиши
Ақийда дарслари (2-дарс). Илми каломнинг юзага келиши ва ривожланиши
«Билмайман» дейиш илмнинг ярмидир
«Билмайман» дейиш илмнинг ярмидир
Мураббийлар меҳнатини қадрлайлик !
Мураббийлар меҳнатини қадрлайлик !