Ким биз ила хурсанд бўлса, биз ҳам у ила хурсанд бўлурмиз

Ким биз ила хурсанд бўлса, биз ҳам у ила хурсанд бўлурмиз

Мавлид шариф ҳақида

            Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 571 йили Рабиул аввал ойининг 12 куни Маккаи Мукаррамада Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам – пайғамбар ва расулларнинг охиргиси, Ҳавзи кавсар соҳиби, умматлари жаннат аҳлининг учдан бир қисмини ташкил қиладиган Зотдирлар. Ҳатто пайғамбарлар ҳам У Зотга уммат бўлишни орзу қилганлар.

Дарҳақиқат, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам – пайғамбарларнинг энг улуғи ва хотималовчиси, бутун оламга раҳмат қилиб юборган элчи, инсоният фахри, одамларнинг энг яхшиси, энг яхши хулқлиси ва комилидирлар. Аллоҳ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб, уни бутун оламга раҳмат элчиси эканини тасдиқлаб, Қуръони каримда бундай деган:

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ

          яъни: (Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси 107-оят).

Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб-ахлоқлари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ғайридинларга ҳам зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканидан хабардор бўлиш зарур.

        Тарихдан маълумки, Макка мушриклари элчиси Урва ибн Масъуд ас-Сақафий Ҳудайбия сулҳи куни саҳобаларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муносабатларини, У Зотни қандай ҳурмат-эҳтиром қилишларини диққат билан кузатгач ва қавмига қайтиб боргач шундай деди:

وَاللهِ لَقَدْ وَفَدْتُ عَلَى الْمُلُوكِ عَلَى قَيْصَرَ وَكِسْرَى وَالنَّجَاشِي فَوَاللهِ مَا رَأَيْتُ مَلِكًا يُعَظِّمُهُ أَصْحَابُهُ مَا يُعَظِّمُ أَصْحَابُ مُحَمَّدٍ مُحَمَّدًا،... وَإِذَا أَمَرَهُمْ أَمْرًا اِبْتَدَرُوا أمْرَهُ، وَإِذَا تَوَضَّأَ كَادُوا يَقْتَتِلُونَ عَلَى وَضُوئِهِ، وَإِذَا تَكَلَّمَ خَفِضُوا أَصْوَاتَهُمْ عَنْهُ، وَمَا يُحِدُّونَ النَّظَرَ إِلَيْهِ تَعْظِيْمًا لَهُ

яъни: “(Эй қавмим), қасамки, мен кўп подшоҳлар, жумладан, Қайсар, Кисро ва Нажоший ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, бирон-бир подшоҳнинг аёнлари Муҳаммаднинг асҳоби Уни улуғлаганидек улуғлаганини кўрмаганман... Агар бир ишга буюрса, уни адо этишга шошилишади. У гапирса, овозларини чиқармай, жим қулоқ солишади. Уни ҳурмат қилганларидан юзига тик боқишмайди” (Шу мазмундаги ҳадисни Имом Бухорий ривоят қилганлар).

Азиз биродарим сизу бизни мана шундай улуғ Пайғамбар Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга уммат қилгани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтган ҳолатда ул зотнинг мавлиди шарифларини ўқишлик ҳақида Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган етук уламолари томонидан мавлиди  ўқишлик жоиз эканлиги борасида айтган сўзларидан айримларини келтириб ўтамиз.

1.Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ

Робиул аввал ойида мавлидин–набий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бериладими, йўқми шу ҳақда сўралганида, у киши қуйидагича жавоб берди: “Менинг жавобим шуки, аслида одамларнинг жамланишиб муяссар бўлганича Қуръон тиловати, Набиий соллаллоҳу алайҳи васалламга ишларини аввалида бўлган хабарларни, у зотнинг туғилганларида содир бўлган мўжизаларни ривоят қилишлари ва охирида уларга егулик нарса улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тарқалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасанадир. Уни қилган одамга Набиий соллаллоҳи алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилади”.

2.Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ

Хуллас калом: “Бидаъти ҳасанани мандуб эканлигига иттифоқ қилинган. Мавлид қилиш ва инсонларнинг унга жамланиш (ҳукми) шунингдекдир, яъни: бидъати ҳасанадир”.

3.Имом ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ

“Мавлиднинг ўзига хос хусусиятларидан бири ўша йили омонлик, орзу ва мақсадларнинг ушалиши ила нақд ҳурсандчиликка етишишдир”.

4.Имом ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ

Асрнинг ҳофизи бўлмиш Шайхулислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажардан мавлид ҳақида сўралди. У киши қуйидаги жавобни берди:

“Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, у ҳақида биринчи уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким бундай қилмаса, бўлмайди”.

5.Имом Саховий раҳматуллоҳи алайҳ

“Дастлабки уч асрдаги салаф солиҳлардан бирортаси мавлид қилмаган. Кейин пайдо бўлган. Ер юзини турли бурчак ва шаҳарларида ислом аҳли мавлид қилиш, ўша кеча турли садақотлар ҳамда мавлид ўқишга рағбат қилишда бардавом бўлдилар. Мавлид барокатидан уларга мўл–кўл, файзу–футуҳлар зоҳир бўлди”.

6.Имом ибн ал–Ҳааж ал–Моликий раҳматуллоҳи алайҳ

“Мадхал” китоби соҳиби: “Бу муборак ойда аввалги ва охиргиларнинг саййидини бизларга неъмат қилиб берган Зот Мавломиз субҳанаҳу ва таолога бу улуғ неъматларга эга қилгани учун шукр қилиб, гарчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда ибодатларни зиёда қилмаган бўлсалар–да, ибодат ва яхшиликларни зиёда қилишимиз керак. Зиёда қилмаслиги эса умматига раҳмли ва меҳрибон бўлганлигидандир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам (кўп) амалларни умматига фарз бўлиб қолиши (натижада машаққатга дучор бўлишлари)дан хавфсираб, уларга меҳру–шафқати ўлароқ тарк қилганлар. Лекин душанба куни рўза тутишлари ҳақида сўралганларида, “Мен туғилган кун”, дея бу улуғ ойнинг фазилатига ишора қилганлар. Демак, бу куннинг улуғлиги, туғилган ойининг ҳам шарофатли эканлигини ўз ичига олади. Бу ойни Аллоҳ фазилатли қилган нарсалар билан эҳтиром қилишимиз лозим бўлади. Замон ва маконнинг фазилати Аллоҳ таоло хослаган ибодатларни қилиниши билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фазилатли вақтларни эзгу, яхши ишларни кўп қилиш ила хослаганлар”.

7.Ҳофиз Абдурроҳим ал–Ироқий раҳматуллоҳи алайҳ

Валима–тўйлар, мискинларни таомлантириш ҳар доим мустаҳаб саналиб келган. Унга шодлик, робиъул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нури зоҳир бўлгани учун хурсандчилик қўшилса, қандай қилиб мустаҳаб бўлмайди?! Уни бидъат эканлигидан макруҳ ишлиги келиб чиқмайди. Бир қанча бидъатлар гоҳида вожибга айланади”.

          8. Ҳофиз Шамсиддин ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳ

Имоми Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Сўнгра, қорилар имоми Ҳофиз Шамсиддин ибн Жазарийнинг “Урфут таъриф бил мавлидиш шариф” китобида ушбуларни кўрдим: Абу Лаҳаб ўлимидан сўнг тушда кўрилиб, ҳолинг қандай дейилганда, у: “Мен ўтдаман, лекин мендан ҳар душанба куни азоб енгиллатилади. Панжам орасидан шу миқдордаги сувни сўраман, – деди–да, бармоғи учига ишора қилди. – Сабаби чўрим – Сувайбани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлиги ҳушхабарини айтганда озод қилгандим. Қолаверса, Сувайба у зотни эмизганди. Агар, Қуъони Карим мазаммат қилиб, сура нозил қилган Абу Лаҳабдек кофир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кечада хурсанд бўлгани учун ўт ичида туриб яхши мукофот олса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган мусулмон у зотнинг мавлидига хурсанд бўлса, яна қудрати етганича муҳаббат қилса, бу кишининг ҳоли қандай бўларкин?! Умрим ҳаққи, унинг Саховатли Аллоҳдан оладиган мукофоти фақатгина ундай бандасини ўз фазли ила наъийм Жаннатига киргизмоқлигидир.

(Баъзи аҳли илмлар Абу Лаҳабни тушида ёмон ҳолда кўрган киши акаси Аббос деганлар.)

         9.Ҳофиз Ибн Носириддин Димашқий раҳматуллоҳи алайҳ

Ўзининг “Вирдис содий фии мавлидил ҳодий” номли китобида қуйидагиларни айтади: Саҳиҳ қавлда айтилишича, ҳар душанба куни Абу Лаҳабдан дўзахнинг азоби енгиллатилади. Чунки, у шу куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан масрур бўлиб Сувайбани озод қилган. Шеър:

إِذَا كَانَ هَـذَا كَافِرًا جَـاءَ ذِمُّـهُ وَتَبَّتْ يَـدَاهُ فِيْ الْجَحِـيْمِ مُخَـلّدَا

أَتَى أَنَّـهُ فِيْ يَـوْمِ اْلاِثْنَيْنِ دَائِـماً يُخَفَّفُ عَنْهُ لِلسُّـرُوْرِ بِأَحْــمَدَا

فَـمَا الظَّنُّ بِالْعَبْدِ الَّذِي كَانَ عُمْرُهُ بِأَحْمَدَ مَسْرُورًا وَمَاتَ مُوَحِّــدًا

Ёмонлиги аён бўлган куфр–у орда,

Қўли қурсин, жойи абадий норда.

Енгиллик бўларкан душанба рўзи,

Аҳмадга севинган кўрганда кўзи.

Не деб ўйлайсан, бир мўмин банда,

Умр бўйи Аҳмадга шод ўтган онда.

    10.Камол ал–Удфувий ал–Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ

“Ат–толеъ ас–саъийд” китобида айтади:

“Бизга ишончли дўстимиз Носуриддин Маҳмуд ибн ал–Имоднинг ҳикоя қилишича, Абу Тоййиб Муҳаммад ибн Иброҳим ас–Сибтий ал–Моликий Қус (Мисрдаги шаҳар)нинг меҳмони, илмига амал қиладиган уламолардан бири, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлид куни мадраса олдидан ўтаркан, муаллимга: “Эй фақиҳ, бу кун хурсандчилик ва шодлик кунидир. Болаларга жавоб бер”, – дер эди. Сўнг, муаллим бизларга жавоб бериб юборарди”.

Мана шу ҳам у киши томонидан мавлидни тақрири ва инкор қилмаганига далил бўлади. У зот моликий мазҳаби фақиҳларидан, кўп илмларда моҳир, тақволи киши эди. Абу Ҳайён у зотдан таълим олган.

Солиҳлардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўриб, фақиҳларнинг мавлидларда шодиёна, байрам қилиш ҳақидаги гапларини айтганда у зот:

“Ким биз ила хурсанд бўлса, биз ҳам у ила хурсанд бўлурмиз”, деган эканлар.

Кармана тумани “Жалойир” жоме масжиди имом-хатиби     А.Ҳакимов

ЎХШАШ МАЪЛУМОТЛАР

Мураббийлар меҳнатини қадрлайлик !
Мураббийлар меҳнатини қадрлайлик !
Atrofimizdagi insonlarning gunoh-maʼsiyatlariga sukut qilishning ayanchli oqibati
Atrofimizdagi insonlarning gunoh-maʼsiyatlariga sukut qilishning ayanchli oq
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларининг муҳим саналари
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларининг муҳим саналари